"Бисмиллоҳ" ҳар хайрнинг бошидир. Биз ҳам, аввало шундан бошлаймиз. Бил, эй нафсим! Бу муборак калима Ислом нишони бўлганидек, бутун мавжудотнинг ҳам ҳолати ва тили билан энг кўп қайтарадиган жумласидир.
"Бисмиллоҳ" нақадар буюк, туганмас бир қувват, нақадар кўп, битмас бир баракот эканини англамоқ истасанг, бу мисолий ҳикоячага боқ, тингла!
Бадавий араб чўлларида саёҳат этганлар бир қабила раисининг исмини олмоғи ва ҳимоясига кирмоғи лозим бўлади. Токи, қароқчиларнинг шарридан қутулиб, ҳожатларини битира олсин. Йўқса, ёлғиз ҳолида ҳадсиз душманлар ва эҳтиёжлари олдида паришон бўлиб қолади.
Мана шундай бир саёҳат учун икки одам саҳрога чиқадилар. Улардан бири мутавозеъ, иккинчиси эса мағрур эди. Мутавозе бўлгани бир раиснинг исмини олди. Мағрур эса олмади... Мутавозе ҳар ерда саломатлик ила кезди. Бирон йўлтўсарга дуч келганда, "Мен фалон раиснинг номи ила кезмоқдаман" деса, қароқчи даф бўлар, унга тегмас, бирон чодирга кирса, у ном ила ҳурмат кўрар эди.