Мағрур эса бутун саёҳати давомида шундай балоларга йўлиқар эдики, асло таърифлаб бўлмас. Доимо титрар, доимо тиланчилик қилар эди. Ҳам хор, ҳам разил бўлди.
Хуллас, эй мағрур нафсим! Сен ул сайёҳсан. Бу дунё эса бир чўлдир. Ожизлигинг ва фақирлигинг чексиздир. Душманинг, ҳожатинг бениҳоядир. Модомики шундай экан, бу саҳронинг Абадий Молики ва Азалий Ҳокимининг исмини ол. Токи, бутун коинот олдида тиланчилик қилишдан ва ҳар қандай ҳодиса қаршисида титрашдан қутуласан.
Ҳа, бу калима шундай муборак бир хазинадирки, сенинг бениҳоя ожизлигинг ва фақирлигинг сени ниҳоясиз қудратга ва раҳматга боғлаб, Қодири Раҳиймнинг даргоҳида ожизликни, фақирликни энг мақбул бир шафоатчи қилади. Ҳа, бу калима ила ҳаракат этмоқ аскарликка олинган шундай бир одамга ўхшайдики, у одам Давлат номидан ҳаракат этади, ҳеч кимга парво қилмайди, қонун номидан, давлат номидан дейди ва шунинг учун ҳар ишни битириб, ҳар нарсага қарши тура олади.
Сўзимизнинг аввалида: "Бутун мавжудот ҳолати билан "Бисмиллоҳ" дейди", деган эдик. Шундайми?