Қизларим, ҳамшираларим! Бу замон эски замонга ўхшамайди. Исломий тарбия ўрнига маданий тарбия ярим асрга яқин ижтимоий ҳаётимизга ўрнашиб қолгани учун бир эркак бир аёлни абадий бир рафиқаи ҳаёт ва дунё ҳаётининг саодатига мадор ва бошқа гуноҳлардан ўзини муҳофаза этиш учун олмоғи лозим бўлгани ҳолда, ул бечора заифани доимий зўравонлик остида ёлғиз дунёвий ёшлигида севади. Уни унга берган роҳатидан баъзан ўн баробар кўпроқ захматларга қўяди. Агар, шариатда "куфув" дейилган бир-бирига муносиблик бўлмаса, шаръий ҳуқуқлар назарда тутилмаганидан, ҳаёти доимо азоб ичида ўтади. Бунинг устига рашк ҳам аралашса янада барбод бўлади. Ушбу турмушга инсонни чорлаган уч сабаб бор.
БИРИНЧИСИ: Наслнинг давом этиши учун ҳикмати Илоҳия ул фитрий хизматнинг ажри сифатида, бир фитрий майл ва шавқ берган. Ҳолбуки, эркакка ул завқ ўн дақиқалик бир лаззат берсада, агар ҳалол бўлса, бир соат машаққат чекади. Лекин аёл ўн дақиқалик ул завқ учун ўн ой болани ўз вужудида ташиш заҳматини чекиш билан бирга, ўн йил боланинг ҳаётига ёрдам қилиш машаққатини тортади. Демак, ўша ўн дақиқалик фитрий майл бу узун машаққатларга сабаб бўлганидан аҳамияти қолмайди. Ҳис ва нафс шу таҳлитдаги турмушга етакламаслиги керак.