КИЧИК СЎЗЛАР | КИЧИК СЎЗЛАР | 47
(1-114)

Ахлоқсиз ва бетайин бўлган бошқа дўст биргина эркинлик деб сўлдаги йўлни танлади. Зоҳиран енгил, маънан оғир вазиятда кетган бу одамни хаёлан таъқиб этамиз.

Хуллас, бу одам пасту баланддан ошиб, тобора холи бир саҳрога кирди. Бирдан мудхиш бир садо эшитди. Қараса, даҳшатли бир арслон чангалзордан чиқиб, унга ҳужум қилмоқда. У қочди. То олтмиш аршин чуқурликдаги сувсиз бир қудуққа тўқнашди. Қўрқувдан ўзини унинг ичига отди. Ярмига қадар тушиб, қўллари бир дарахт шохига илашди ва тирмашиб олди. Қудуқнинг деворидан ўсиб чиққан у дарахтнинг икки илдизи бор эди. Бири оқ, бири қора икки каламуш у икки илдизларга ёпишиб олиб, кемирмоқда. Юқорига боқди, кўрдики, арслон навбатчи каби қудуқнинг оғзида уни кутмоқда. Пастга боқди, кўрдики, даҳшатли бир аждарҳо қудуқнинг ичида ётибди. Аждарҳо бошини кўтариб, ўттиз аршин юқоридаги оёғига яқинлашган. Оғзи қудуқнинг оғзи қадар кенг. Қудуқнинг деворига боқди, кўрдики, чақадиган зарарли хашоратлар атрофини ўраб олганлар.

Аудио мавжуд эмас