Биродар, Ҳашр ва охиратнинг оддий ва авом тили ила ҳамда очиқ бир тарзда баёнини истасанг, унда нафсимга қўшилиб ушбу тамcилий ҳикоячага боқ, тингла.
Бир замонлар икки одам Жаннат каби гўзал бир мамлакатга (шу дунёга ишоратдир) йўл оладилар. Қарасалар, ҳамма уй, хона, дўкон эшиклари очиқ, ҳеч ким уларнинг муҳофазасига диққат қилмаётир. Мол ва пул очиқликда, соҳибсиз. У мусофирлардан бири хоҳлаган нарсасига қўлини узатиб, ё ўғирлаяпти, ё бошқаларнинг молини зўравонларча ғасб этяпти. Ҳавасига тобеъ бўлиб, ҳар турли зулмни, сафоҳатни қилмоқда. Аҳоли ҳам унга кўп илашмаётир. Шунда ҳамроҳи унга дедики:
- Нима қиляпсан? Жазо оласан, мени ҳам балога қўясан. Бу моллар давлат молидир. Бу аҳоли бола-чақаси билан ё аскарлик ила машғул, ёки зиммаларига вазифа юкланган маъмурдирлар. Кийимларини ўзгартирган аскар сифатида улар шу ишларда ишлаттирилмоқдалар. Шунинг учун сенга кўп эътибор қилмаётирлар. Аммо интизом қаттиқдир. Ҳар ерда подшоҳнинг телефони бор ва маъмурлари ҳозир. Тезда бориб, омонлик тила, - деди.