Лекин у сарсам қайсарлик қилиб, деди:
- Йўқ, булар давлат моли эмас, балки вақф молидир; эгасиздир. Ҳар ким хоҳлаганича сарф эта олади. Бу гўзал нарсалардан фойдаланишни манъ қиладиган ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман. Кўзим билан кўрмагунча, ишонмасман, - деди ва файласуфларга ўхшаб кўп сафсата сотди.
Иккиси орасида жиддий бир мунозара бошланди. Аввал у сарсам деди:
- Подшоҳ кимдир? Танимайман. Сўнгра ҳамроҳи унга жавобан дедики:
Бир қишлоқ ҳокимсиз бўлмас. Бир игна устасиз бўлмас, соҳибсиз бўла олмас. Бир ҳарф котибсиз бўла олмас, биласан. Шундай экан, ниҳоят даражада мунтазам бу мамлакат қандай қилиб Ҳокимсиз бўлади? Ва гойибдан ҳар соатда бир поезд1-хошия қийматдор санъатли молларга тўлиб келаётибди ва бу ерда бўшатилаётибди, бу қадар кўп сарват қандай қилиб соҳибсиз бўлсин? Ҳар ерда кўринаёгган эълонномалар ва баённомалар ва ҳар мол устидаги муҳр ва белгилар, тамғалар ҳамда ҳар бурчакда ҳилпираётган байроқлар қандай қилиб моликсиз бўлади? Англашилмоқдаки, сен бир қисм фаранги* ўқигансан, аммо Ислом ёзувларини ўқиёлмаяпсан. Боз устига, билгандан ҳам сўрамаяпсан. Қани, кел, сенга энг буюк Фармонни ўқиб берайин.