Иймонда нақадар буюк бир саодат ва неъмат, нақадар буюк бир лаззат ва роҳат борлигини англамоқ истасанг, бу мисолий ҳикоячага боқ, тингла!
Бир вақт икки одам кайфу сафо ҳамда тижорат учун саёҳатга чиқадилар. Худбин, толеъсиз бўлмиш бири бир тарафга, худобин, бахтиёр бўлмиш иккинчиси бошқа тарафга йўл олиб кетадилар. Худбин одам, ҳам худгам, ҳам худандиш (ўзини ўйлайдиган), ҳам бадбин (фақат ёмонликни кўрадиган) бўлганидан, бадбинликнинг азоби бўлиб, назарида жуда расво бир мамлакатга тушади. Кўрадики, ҳар ерда ожиз, бечоралар зўравон, мудҳиш одамларнинг қўлларидан ва бузғунчиликларидан доду фарёд этмоқдалар. Бутун кезган ерларида аламли бир ҳолатни кўради. Бутун мамлакат бир умумий мотамхона шаклини олган. Бу одам ўша аламли, зулмли ҳолатни ҳис этмаслик учун сархушликдан бошқа чора тополмайди.