Қалбингни покла. Токи бу мусибатли парда сенинг назарингдан кўтарилсин. Кейингина ҳақиқатни кўра оласан. Зеро, ниҳоят даражада одил, марҳаматкор, халқпарвар, муқтадир, интизомпарвар, мушфиқ бир Моликнинг мамлакати - кўз ўнгингда бу даража тараққиёт ва камолот асарлари акс этган бир мамлакат сенинг ваҳминг кўрсатган суратда бўла олмас".
Шундан сўнг бу бадбахтнинг эси жойига келиб, надомат қилади: "Ҳа, мен ишратдан телба бўлган эдим. Аллоҳ сендан рози бўлсинким, жаҳаннамий бир ҳолатдан мени қутқардинг," дейди.
Эй нафсим! Билки, аввалги одам кофирдир. Ёки фосиқу ғофилдир. Бу дунё унинг назарида, бир умумий мотамхонадир. Бутун жонли ҳаёт фироқ ва завол тепкисидан йиғлаган етимлардир. Ҳайвон ва инсонлар эса, ажал панжаси ила парчаланган ғариб, қаровсиз махлуқлардир. Тоғлар ва денгизлар каби улкан мавжудот унингча руҳсиз, мудҳиш, жанозалар ҳукмидадир. Куфридан ва залолатидан яна бунинг каби кўп аламли, эзувчи, даҳшатли ваҳималар пайдо бўлиб, уни маънан азоблайди.
Иккинчи одам эса мўъминдир. Яратган Эгасини танийди ва тан олади. Унинг назарида, бу дунё - Раҳмоннинг бир зикрхонаси, башарият ва ҳайвонотнинг бир таълимгоҳи, ҳамда инсу жинларнинг бир имтиҳон майдонидир.