Бир ботмон оғирликни елкасига ва белига юклайди, лекин қалби ва руҳи минглаб ботмон миннатлардан ва қўрқувлардан халос бўлади. Бояги бадбахт нафар эса аскарликни ташлаб, низомга тобеъ бўлмоқни истамайди ва сўл тарафдан кетади. Жисми бир ботмон оғирликдан қутулади, лекин қалби минглаб ботмон миннатлар ва руҳи ҳадсиз қўрқувлар ичида эзилади. Ҳам ҳар кимга тиланчи, ҳам ҳар нарсадан, ҳар ҳодисадан титрайдиган бир вазиятда кетади. Манзили мақсудига етганда эса, у ерда осий ва қочоқ жазосини тортади.
Аскарлик низомини севган, жомадон ва қуролини сақлаб қолган ва ўнг тарафга кетган аскар эса, ҳеч кимнинг миннатига қолмай ва ҳеч кимдан хавфсирамай, қалб ва виждон роҳати ила кезади. То кўзлаган шаҳрига етиб борганда, у ерда вазифасини гўзал адо этган бир номусли аскарга муносиб мукофотга сазовор бўлади.
Хуллас, эй нафси саркаш*!
Билки, у икки йўлчининг бири Қонуни Илоҳийга итоаткор, иккинчиси осий ва ҳавои нафсига тобе инсондир. У йўл эса, ҳаёт йўлидирки, Руҳлар Оламидан келиб, қабрдан ўтади, охират сари кетади.