Хутбаи Шомия | Хутбаи Шомия | 31
(1-151)

Бешинчи Қувват: Иззати Исломиядирки, Иълои Калиматуллоҳни (яъни иймон ва Қуръон ҳақиқатларини ёйишни) эълон қилади. Бу замонда Иълои Калиматуллоҳ, моддий тараққиётга боғлиқдир... Ҳақиқий маданиятни эгаллаш билангина Иълои Калиматуллоҳга йўл очилиши мумкин. Иззати Исломиянинг иймон ила берган бу қатъий амрини, албатта Олами Исломнинг маънавий шахси истиқболда батамом адо этишига шубҳа қилинмас.

Ҳа, қадимда Исломиятнинг тараққиёти, душманнинг таассубини парчаламоқ ва қайсарлигини синдирмоқ ва тажовузини даф этмоқ; қурол-аслаҳа ва қилич ёрдамида бўлган. Истиқболда эса, қурол ва қилич ўрнига ҳақиқий маданият ва моддий тараққиёт ва ҳақ ва ҳаққониятнинг маънавий қиличлари душманларни мағлуб этиб, парчалаб ташлайди.

Билингизки, бизнинг мақсадимиз, маданиятнинг фазилатлари ва башариятга манфаатли бўлган яхшиликларидир.

Йўқса маданиятнинг гуноҳлари, саййиотлари эмасдирки, аҳмоқлар у саййиотларни, у бузғунчиликларни фазилат деб ўйлаб, уларга тақлид қилиб молимизни хароб этдилар. Ва динини сотиб, дунё ҳам қозонолмадилар.

Маданиятнинг гуноҳлари яхшиликларининг устидан ғалаба қилиб, саййиоти ҳасанотидан устун келиш билан, башарият - икки Жаҳон уруши туфайли - икки даҳшатли тарсаки еб, у гуноҳкор маданиятни чил-парчин қилиб шундай қусдики, ер юзини қонга булғаб ташлади.

Аудио мавжуд эмас