Агар ёлғиз у ният учун бўлса, у дуо билан у ибодат холис бўлмаганидан қабул этилмоққа лойиқ бўлмас. Худди қуёшнинг ботиши шом намозининг вақти бўлгани каби, қуёш ва ойнинг тутилишлари ҳам кусуф ва хусуф намозлари деб аталган икки махсус ибодатнинг вақтларидир. Яъни, кеча ва кундузнинг нуроний оятларининг пардаланиши бир Илоҳий азаматнинг эълон этилмоғига сабаб бўлганидан Жаноби Ҳақ қулларини ўша вақтда ибодатнинг бир навъига даъват этади. Лекин у намоз тутилган ой ва қуёшнинг очилиши учун эмасдир, чунки бусиз ҳам уларнинг очилиши ва қай вақтгача давом этиши ҳар бир мунажжам ҳисоб - китобидан аёндир.
Худди шунинг каби, ёмғирсизлик ҳам ёмғир намозининг вақтидир. Ва балои мусибатларнинг истилоси ва зарарли нарсаларнинг мусаллат бўлмоғи баъзи дуоларнинг махсус вақтларидирки, инсон у вақтларда ожизлигини англайди, дуо ила, ниёз ила Қодийри Мутлақнинг даргоҳига илтижо этади.Агар дуо кўп маротаба қилингани ҳолДа балои мусибатлар даф қилинмаса, "Дуо қабул бўлмади", дейилмаслиги керак.