Жаноби Ҳақнинг Одил исми Ҳакийм буржида, Раҳмон исми Карийм буржида, Раҳийм исми Ғафур буржида, яъни маъносида, Боис исми Ворис буржида, Муҳйий исми Муҳсин буржида, Рабб исми Молик буржида биттадан қуёш сингари бирдан порлай бошладилар. У қоронғи инсон олами ичра мавжуд бўлган кўп оламларнинг барчасини ёритдилар, жонлантирдилар. Жаҳаннамий ҳолатларни кетказиб, нуроний охират оламидан дарчалар очиб, инсоннинг у паришон дунёсига нурлар сочдилар. Коинот зарралари ададича "Алҳамдулиллаҳ, Ашшукру лиллаҳ," дедим. Ва айналяқийн кўрдим ва қатъиян билдимки: "Иймонда маънавий бир жаннат ва залолатда маънавий бир жаҳаннам бор."
Сўнгра ер курраси олами кўринди. У хаёлий саёҳатимда динга итоат этмаган фалсафанинг зулматли илмий қонунлари хаёлимга оламни даҳшатли бир суратда кўрсатди. Етмиш баробар замбарак тўпидан ҳам тезроқ ҳаракат қилиб, йигирма беш минг йиллик масофани бир йилда босиб ўтган ва ҳар вақт тарқалишга ва парчаланишга мойил ва ичи зилзилали, жуда кекса ва жуда қариб қолган Ер курраси ичида ва у даҳшатли кема устида коинотнинг чексиз бўшлиқида саёҳат этган бечора нави инсон вазияти, менга ваҳшатли бир қоронғилик ичра кўринди. Бошим айланди. Кўзим тинди. Фалсафанинг кўзойнагини ерга урдим, синдирдим. Бирдан ҳикмати Қуръония ила ёришган бир кўз ила боқдим, кўрдимки: Холиқи Арз ва Самовотнинг Қодийр, Алийм, Рабб, Аллоҳ ва Раббус-Самовоти вал-Арз ва Мусаххируш-Шамси вал-Қамар исмлари - Раҳмат, Азамат, Рубубият буржларида қуёш каби порлай бошладилар.