Эй Рабби Раҳиймим ва эй Холиқи Кариймим! Ихтиёримнинг суиистеъмоли ила менинг умрим ва ёшлигим зое бўлиб кетди. Ва у умр ва ёшликнинг меваларидан қўлимда алам берувчи гуноҳлар, хорлик берувчи аламлар, залолат берувчи васвасалар қолгандир. Ва бу оғир юк ва хаста қалб ва ҳижолатли юз ила қабрга яқинлашяпман. Бил-мушоҳада, кўра-кўра, ғоят суръатла, ўнгу-чапга қайрилолмай, ихтиёрсиз бир тарзда вафот этиб кетган ёру-дўст ва қариндошу ақраболарим каби, қабр эшигига яқинлашяпман.
У қабр бу фоний дунёдан абадий фироқ ила абадул-обод йўлида қурилган, очилган илк манзил ва биринчи эшикдир. Ва мен боғланган ва мафтун бўлган шу дори дунё ҳам, қатъий бир ишонч ила англадимки, ҳалокатга маҳкумдир - кетар; фонийдир - ўлар. Ва билмушоҳада, ичидаги мавжудот ҳам кетма-кет, тўп-тўп бўлиб кўчиб кетиб ғойиб бўлади. Хусусан, мен каби нафси аммораси борларга бу дунё кўп ғаддордир, маккордир. Бир лаззат берса, минг алам беради, чектиради. Бир узум едирса, юз тарсаки уради.