Табиат Рисоласи | Табиат Рисоласи | 38
(1-48)

Агар Воҳиди Аҳадга берилмаса, биргина махлуқнинг ижоди бутун мавжудотнинг ижоди қадар мушкуллашади ва бир уруғ бир дарахт қадар машаққатли бўлади. Агар Сониъи Ҳақиқийсига берилса, коинот бир дарахт каби ва дарахт бир уруғ каби ва жаннат бир баҳор каби ва баҳор бир чечак каби қулайлашади, енгиллик пайдо қилади. Ва кўзга кўринган чексиз мўллик ва арзонликнинг, ҳар турнинг осон мўлкўл бўлишининг ва жуда енгиллик ва тезлик билан интизомли, санъатли, қийматли бўлган мавжудотнинг қулайгина вужудга келиши сирларини очиқлайдиган сабаб бўлган ва ҳикматларини кўрсатадиган, бошқа рисолаларимизда батафсил баён этилган юзлаб далиллардан бир-иккитасига мухтасар ишора қиламиз. Масалан, юз аскарнинг бир зобит иродасига топширилиши бир аскарнинг юз зобит иродасига топширилишидан юз даража қулайроқ бўлгани каби, бир лашкарнинг аскарий жиҳозоти бир марказ, бир қонун, бир фабрика ва бир подшоҳнинг амрига топширилса, худди сон жиҳатдан бир аскарнинг жиҳозоти қадар қулайлашади. Аксинча, бир аскарнинг аскарий жиҳозоти бошқа марказларга, бошқа фабрикаларга, бошқа қўмондонларга ҳавола этилиши худди лашкарнинг жиҳозоти қадар сон жиҳатдан мушкулотли бўлади. Чунки биргина аскарни таъминлаш учун бутун лашкарни таъминлай оладиган фабрикалар керак бўлади.

Аудио мавжуд эмас