ХОНИМЛАР РАҲБАРИ | ХОНИМЛАР РАҲБАРИ | 87
(1-156)

Хуллас, инсоннинг моҳияти - олий, фитрати - серқирра бўлганидан, минглаб турдаги эҳтиёжлари билан минг бир Илоҳий Исмларга ва ҳар бир исмининг кўп мартабаларига фитратан муҳтождир. Устма-уст эҳтиёж - иштиёқдир. Устма-уст иштиёқ - муҳаббатдир. Устма-уст муҳаббат эса - ишқдир. Руҳнинг камолотига кўра, муҳаббат мартабалари исмларнинг мартабаларига кўра ўсади. Барча исмларга муҳаббат эса Зотига бўлган муҳаббатга айланади, чунки ул исмлар Зоти Зулжалолнинг унвонлари ва жилваларидир. Бу ўринда, намуна сифатидагина, минг бир исмларидан фақат "Адл" ва "Ҳакам", "Ҳақ" ва "Раҳийм" исмларининг минг бир мартабаларидан бирини баён этамиз. Яъни, ҳикмат ва адолат ичидаги "Раҳмонир-раҳийм" ва "Ҳақ" исмини аъзамий бир доирада кўришни истасанг ушбу мисолга боқ:

Бир ҳарбий қўшинда тўрт юз хилма-хил тоифалар бор деб фараз қилайлик. Ҳар бир тоифанинг яхши кўрган либослари ўзгача, ёқтирган овқатлари ўзгача, қийналмай фойдаланадиган қурол-аслаҳалари ўзгача ва мижозларига кўра даво бўладиган дори-дармонлари ўзгача бўлгани ҳолда, барча у тўрт юз тоифани алоҳида-алоҳида, бўлинма-бўлинма қилиб ажратмай туриб, балки бир-бирига аралашган ҳолида, мислсиз ва танҳо бир подшоҳ, камоли шафқат ва марҳаматидан, мислсиз иқтидоридан, мўъжизона илм ва кенг қамровидан, чексиз адолат ва ҳикматидан, уларнинг ҳеч бирини чалкаштирмай, ҳеч бирини унутмай, уларга лойиқ алоҳида-алоҳида либос, озуқа, дори-дармон ва қурол-аслаҳаларини барчасини, ёрдамчисиз шахсан ўзи берса, ажабо, ул Зот нақадар иқтидорли, мушфиқ, одил, карийм бир подшоҳ эканини англайсан.

Аудио мавжуд эмас